ALOQA UCHUN

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш соҳасида фаолият юритаётган ходимлар учун ўқув семинарлари бошланди

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш соҳасида фаолият юритаётган ходимлар учун ўқув семинарлари бошланди


Жорий йил 23 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказига ташрифи чоғида, бу ерда аҳолига замон талабларига мос равишда хизмат кўрсатиш, электр таъминотини янада яхшилаш бўйича қатор кўрсатмалар берганди. Хусусан, электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш – бу биринчи қадам эканлиги, энг қийини олдиндалиги, яъни ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ҳисоблагичларни эксплуатация қиладиган профессионал кадрларни етиштириш, тизимнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириш, кейинчалик тармоқ эскириши туфайли юзага келадиган ҳолатларни ҳисоб-китоб қилишни ҳозирдан ўйлаш кераклиги, тушумларнинг маълум бир фоизини илмга, модернизацияга йўналтириш зарурлигига эътибор қаратганди. 

Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан  республикамиз бўйлаб  таркибий корхоналарининг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар учун ўқув-семинарлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Бугун Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида ана шундай семинар ўз ишини бошлади. Унда Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳамда туман ва шаҳар АСКУЭ бўлими бошлиқлари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчиларига даставвал лойиҳани жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ҳамда замонавий тизим бўйича умумий тушунча берилиб, интеграцияси жараёнидаги айрим муаммо ва вазифаларга батафсил тўхталиб ўтилди. 

Жумладан, ҳисоблагичларни ўрнатиш ва алмаштириш нарядлари дастурга киритилиши, “Электрҳисоб” дастурида истеъмолчиларни тизимга улаш ва ўзаро маълумот алмашинувини амалга ошириш учун бажариладиган вазифалар, юқори кучланишли тармоқларда АСКУЭ тизимини жорий этиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.  

Куннинг иккинчи ярмида АСКУЭ тизимига мос замонавий ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи “Электронҳисоблагич” ҚҚ МЧЖ ҳамда “Электроаппарат” ҚК МЧЖ заводлари иш фаолияти билан танишилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби ўқув семинарлари “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази мутахассислари ва хорижий ҳамкорлар вакиллари иштирокида бутун республика бўйлаб ўтказилиши белгиланган.


“Ҳудудий электр тармоқлари” Матбуот хизмати.

  • 12.05.2021
  • 1197