ALOQA UCHUN

ЭНЕРГЕТИКАДА РЕФОРМАЛАР. ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ГРУЗИЯДАГИ БИЛАН ТАҚҚОСЛАШ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

Муносабат

ЭНЕРГЕТИКАДА РЕФОРМАЛАР. ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ГРУЗИЯДАГИ БИЛАН ТАҚҚОСЛАШ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

«Ular» лойиҳасининг навбатдаги сонида (https://www.youtube.com/watch?v=Bn3tc-kVMUk) иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров Грузияда электр энергияси етказиб бериш борасидаги амалиёт ҳақида тўхталиб, уни мамлакатимиздаги айни йўналишдаги ҳолат билан таққослаган.

Унинг қайд этишича, Грузияда свет бепул бўлган, лекин светнинг ўзи бўлмаган. «Бизда реформалар нега бўлмаяпти десангиз бизда аввал „текин“ эди, лекин бўлмаган. Ҳозир свет қиммат, лекин барибир йўқ. Грузия реформасидан фарқимиз шу».  

Муаллиф фикрлари қанчалик ҳақиқатга яқин? Келинг, таҳлил қилиб кўрайлик. Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида фавқулодда ҳолатларни инобатга олмаса, тақчиллик кузатилмайди. Тўғри, қишнинг совуқ кунлари газ танқислиги сабаб иситиш мосламалари, ёҳуд ёзнинг жазирамаси, аномал иссиқ кунларида электр энергияси сарфи юқори бўлган совитиш ускуналаридан фойдаланиш тизимда ишлаб чиқаришга нисбатан истеъмол юкламасини келтириб чиқаради, ва натижада маълум муддат узилишлар кузатилади. Бироқ бу, муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистонда электр энергияси йўқ, дегани эмас...

Шу ўринда иқтисодчи томонидан меҳмонда бўлган давлати ҳамда мамлакатимиз ўртасидаги электр энергияси ишлаб чиқаришдан то уни етказиб беришгача бўлган босқичлар атрофлича таҳлил қилинмагани, яъни бунга таъсир этувчи турли омиллар, масалан Грузияда электр энергиясининг 75 фоизи асосан табиий ресурслардан, бир неча фоиз арзон ва экологик тоза  гидростанцияларда ишлаб чиқарилиши, мамлакатимизда эса бу борадаги имконият умумий электр энергияси ишлаб чиқаришининг 10 фоизини ташкил этиши ҳисобга олинмагани таассуф уйғотади. 

Грузия Энергетик платформасининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда истеъмол қилинадиган 1741 МВт электр энергиясидан 1129 МВт, яъни 65 фоизи Россия, Озарбайжон ҳамда Туркия давлатларидан импорт қилинади. Ўзбекистонда электр энергияси импорти асосан, ёзнинг иссиқ кунлари ва қишнинг совуқ кунларида электр тармоқларида юкламанинг кескин ортиши билан боғлиқ бўлиб, умумий истеъмолнинг 7-8 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг бир мунча қиммат усули, яъни иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келиши (87%) ҳисобга олинса, икки мамлакат ўртасидаги таҳлиллар 2019-2020 йилда аҳоли учун 1 кВт⋅с электр энергияси тарифи  Грузияда – 0,62 центдан 0, 66 центга ошганлиги, юртимизда эса бу кўрсаткич 2019 йилдан бери – 0,27 центдан ўзгаришсиз қолганлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Будан ташқари, истеъмолчилар умумий сони ҳам инобатга олиниши керак эди. Биламизки, айни пайтда республикамизда истеъмолчилар сони 7,4 млн. дан ортиқни ташкил этади, Грузияда эса бу кўрсаткич – 1,7 млн. Икки мамлакат умумий майдони, яъни электр тармоқлари эксплуатацияси, қанча узунликдаги масофага тортиб борилиши, модернизация ва реконструкция ишларига кетадиган харажатлар қўшиб таҳлил этилганда, холислик мезонларига амал қилинган бўларди, деб ҳисоблаймиз. 

Мамлакатимизда барқарор электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб беришда охирги тўрт йилда катта ишлар қилинмоқда, соҳага янги инвестицион лойиҳалар жорий этилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар тўхтаб қолмайди ҳам. Бироқ юқоридаги каби омиллар инобатга олинмай, мақолани чоп этишдан аввал тегишли вазирлик ва идораларнинг чуқур таҳлилларга асосланган фикрларини эшитмай туриб, мамлакатимиз энергетика салоҳияти ва Грузиянинг бу борадаги кўрсаткичларини бир-бири билан таққослаш, борингки қиёслаш ҳақиқий шароитнинг юзага чиқишига тўсқинлик қилади. 

Ўз навбатида, соҳа мутахассислари Ўзбекистон ва Грузия энергетик салоҳиятига оид таҳлилий, аниқ рақамларга асосланган маълумотларни тақдим этишга доим тайёрлигини қайд этиб ўтмоқчимиз.

“Ҳудудий электр тармоқлари” Матбуот хизмати.

  • 19.07.2021
  • 1776