ALOQA UCHUN

АСКУЭ ТИЗИМИ АМАЛИЁТГА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА. ЭНДИЛИКДА ҚАРЗДОР ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТАРМОҚДАН АЖРАТИЛАДИ

АСКУЭ ТИЗИМИ АМАЛИЁТГА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА.
ЭНДИЛИКДА ҚАРЗДОР ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТАРМОҚДАН АЖРАТИЛАДИ

Ижтимоий тармоқлар ҳамда айрим ахборот сайтлари орқали жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри ҳамда республикамизнинг айрим ҳудудларида аҳоли хонадонлари оммавий равишда электр энергиясидан узилганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3981 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, айни пайтда Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, Фарғона шаҳри ва Қорақалпоғистон  Республикасида “Электронҳисоблагич” МЧЖ ҚҚ  томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда биллинг тизимига улаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 15-16 сентябр кунлари 58 мингдан ортиқ қарздор истеъмолчиларни электр тармоғидан автомат тарзда ўчириш амалга оширилган бўлса, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 210 мингта қарздор истеъмолчи (умумий қарздорлик 57,3  млрд. сўм) аниқланиб, шуларнинг 40 мингдан ортиғи (умумий қарздорлик 3,4 млрд. сўм) автоматик равишда тизим томонидан тармоқдан ажратилган. Таассуфланарлиси, тармоқдан ажратилганлар орасида узоқ муддат давомида электр энергиясидан фойдаланиб, шу кунгача ҳеч қандай тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқларда кўтарилган яна бир масала, яъни истеъмолчилар томонидан қарздорлик бартараф этилса-да, қайта тармоққа уланиш кечикаётганлиги, баъзи ҳолларда бир неча кун чироқсиз қолишга тўғри келгани тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритадиган бўлсак, бунинг асосий сабаби бир вақтнинг ўзида 110 мингдан ортиқ ўчириб-ёқиш бўйича сўровлар амалга оширилганлиги, бу эса, ўз навбатида, “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖга тегишли сервердаги “ESEP” дастурий таъминотнинг катта юклама билан ишлашига олиб келгани юқоридаги ҳолатларни келтириб чиқарди.

Халқаро тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, электр энергияси ҳисоб-китобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётган бошланғич паллада бу каби ҳолатлар кузатилиши табиий. Мамлакатимизда татбиқ этилаётган мазкур тизим ҳам бундан мустасно эмас.

Электр энергияси истеъмолчиларига айни пайтда “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖга тегишли серверидаги “ESEP” дастуридаги камчиликлар қўшма корхона мутахассислари томонидан бартараф этилганини маълум қилмоқчимиз.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари қатори энергетика тизими ҳам чуқур ислоҳ қилинмоқда. Куни кеча Президентимиз томонидан электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорликни камайтириш масаласига алоҳида эътибор берилганини таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Шу маънода, етказиб берилган электр энергиясидан қарздор бўлган истеъмолчилар автоматик равишда тармоқдан ажратилиши бўйича тадбирлар давом эттирилиши, қарздорлик вужудга келмаслиги учун эса истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фойдаланилган электр энергияси учун мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (U-Pay, Click, Payme, Paynet) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга ошириш мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 17.09.2020
  • 4446
Sayt xaritasi