ALOQA UCHUN

ХАЛҚ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

ХАЛҚ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Бугун “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари ходимлари томонидан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш бўйича амалий ҳаракатлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Жумладан, вилоятда аҳоли сони энг кўп бўлган Хатирчи туманида шу йилнинг биринчи чорагида 24,5 километр ҳаво электр ўзатиш тармоқларини янгидан қуриш, 11 та трансформатор пунки ўрнатиш ва 300 зиёд эски симёғоч таянчларини алмаштириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда “Олмазор”, “Бунёдкор”, “Янги” маҳаллаларида бу борадаги ишлар қизғин олиб борилмоқда. Жумладан, Олмазор ҳудудида 172 та темир-бетон таянч, 5 трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, 4,5 км СИП русумли кабель тармоғи ва 10 кВли АС кабеллар тортиш ишлари жадал суръатларда кетмоқда. “Буғирдоқ” қишлоғида яшовчи аҳоли учун сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида 4 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари қуриш, иккита трансформатор пунктини ўрнатиш ва эски сим-ёғочлар алмаштириш ишлари авжида.

Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йиллар даврида паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарори ижроси юзасидан 652,0 км электр узатиш тармоқлари ва 88 дона трансформатор пунктини модернизация ва янгидан қуриш ишлари режалаштирилган.

Ҳозирги кунда юзага келган эпидемиологик вазият, яъни карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида электр энергиясидан қарздор (жисмоний) истеъмолчилар тармоқдан вақтинча ажратилмаслиги белгиланган бўлиб, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ушбу даврда фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларни ортишига имкон қадар йўл қўймасликка чақиради. Бунинг учун мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга оширишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, фуқароларимиздан тушаётган ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди, барчасини ижобий ҳал қилиш учун соҳа вакиллари кеча-ю кундуз ишламоқдалар. Хукуматимизнинг мамлакатимиз энергетиклари олдига аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва саноатни узлуксиз ҳамда сифатли электр энергия билан таъминлаш вазифасини қўйгани бизни янада масъулият билан ишлашга чақирмоқда.

Негаки, электр энергия таъминоти — бу иқтисодиёт таянчи. Бугунги кунда бу маҳсулот турисиз ҳаётимизни тасаввур этиш қийин албатта.

“Навоий ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 20.04.2020
  • 1514
Sayt xaritasi