ALOQA UCHUN

ТАЖРИБА ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

ТАЖРИБА ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Доно халқимиз “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, дейди. Чиндан ҳам, қайсидир соҳа ёки касб-ҳунар устаси бўлиш шарафига муяссар бўлган кишилар билан суҳбатлашганингизда юксак мақомга эришиш учун устозлар чиғириғидан ўтгани, уларнинг панд-насиҳатлари билан шу даражага етганини таъкидлайдилар.

Данғара туман электр тармоқлари корхонасида 28 йилдан буён ишлаб келаётган Камолжон Норқўзиев ҳам ана шундай устозлардан сабоқ олиб, меҳнат қилаётган инсонлардан биридир. Камолжон Норқўзиев Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар техникумини тугатиб, эндигина иш бошлаганида унга ҳам устозлари йўл кўрсатди. “Устоз-шогирд” анъанаси давомчиси сифатида бугун ўзи ҳам устоз мақомига сазовор бўлган. Ҳозирда 15 нафарга яқин ёшлар у кишининг тажрибасини ўрганиб, сабоқ олмоқдалар.

Эндигина иш бошлаган вақтимда фаолиятни нимадан бошлашни, кимдан ёрдам сўрашни билмай роса ўйланганман, –  дейди корхона ёш ишчи-ходимларидан бири Шаҳобиддин Ҳошимов. – Назария бошқа, амалиёт бошқа экан. Камолжон акага раҳмат, барча саволларимга эринмай жавоб беради. Ҳар доим маслаҳатларини биз, шогирдлардан аямайди.

Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳикматларининг бирида шундай сатрлар бор:

          Ҳунарни асрабон нетгумдур охир,

          Олиб туфроққами кетгумдир охир.

Келтирилган ушбу битик орқали инсоннинг ғайрат-шижоати чексиз экани таъкидланмоқда. У ана шу қобилияти, лаёқатини эл-юрт манфаати, хайрли ишларга сафарбар этиши зарур. Озод элни обод қилиш ҳамда кишиларга яхшилик улашиш энг улуғ инсоний фазилатлардандир.

Демак, халққа манфаат етказиш, унинг дард-у ташвишлари билан яшаш – улуғ иш. Камолжон Норқўзиев ҳам узоқ йиллик фаолияти давомида халқнинг корига яраш, одамларнинг оғирини енгил қилишни ўзи учун шараф деб билади. Турмуш ўртоғи билан уч фарзандни тарбиялаб, жамият учун наф келтирадиган инсонлар бўлиб етишиши учун бор куч ва имкониятини сарф этмоқда.

Шу билан бирга, фарзандидек қадрли бўлиб қолган издошларидан кўнгли тўқ. Шогирдларига техник тадбирлар бажариш, электр қурилмаларини таъмирлаш, истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш – биринчи галдаги вазифа эканини таъкидлаш билан бирга, хавфсизлик техникаси қоидаларига доимий амал қилиш зарурлигини ҳам тушунтиради. Уларни тиришқоқлик, ташаббускорлик, интизомлилик, жўшқинлик, қатъиятлилик каби юксак инсоний хислатларни ўзларида жамлашга  баробарида ўзи ҳам ҳар ишда шогирдларига ўрнак бўлади.

Мана шундай устозлар бор экан, жамиятимиз равнақи бундан-да юксалиши йўлида биз, шогирдлар астойдил меҳнат қилиб, билдирилган ишонч ва берилган билимларни оқлаймиз.

 “Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 03.06.2020
  • 1348
Sayt xaritasi